26 ŞUARA

  • 26:1

    То. Син. Мим.

  • 26:2

    Булар очиқ китобнинг оятларидир.

  • 26:3

    Эҳтимол, (улар) мўмин бўлмаганлари учун сен ўзингни ҳалок қилмоқчидирсан?!

  • 26:4

    Агар хоҳласак, уларга осмондан оят-мўъжиза нозил қилурмиз. Бас, уларнинг бўйинлари унга эгилиб қоладир.

  • 26:5

    Уларга Роҳмандан янги эслатма келибдики, албатта, ундан юз ўгиргувчи бўлганлар.

  • 26:6

    Бас, батаҳқиқ, ёлғонга чиқардилар. Яқинда уларга ўзлари истеҳзо қилган нарсанинг хабари келажакдир.

  • 26:7

    Улар ерга қарамайдиларми?! Биз унда гўзал навлардан қанчаларини ундириб қўйибмиз.

  • 26:8

    Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмаслар.

  • 26:9

    Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.

  • 26:10

    Роббинг Мусога: «У золим қавмга боргин.

  • 26:11

    Фиръавн қавмига. (Биздан) қўрқмайдиларми?! « деб нидо қилганини эсла.

  • 26:12

    У: «Эй Роббим, улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқаман.

  • 26:13

    Ва дилим сиқилишидан ҳамда тилим бурро бўлмай қолишидан. Бас, Ҳорунни элчи қил.

  • 26:14

    Менинг зиммамда улар наздида гуноҳ бор. Бас, мени ўлдиришларидан хавфдаман», деди.

  • 26:15

    У зот: «Йўқ! Бас, иккингиз Бизнинг оят-мўъжизаларимиз ила боринглар. Албатта, Биз иккингиз билан эшитгувчилармиз.

  • 26:16

    Бас, Фиръавнга боринглар ва унга: «Биз Роббул Оламийннинг Пайғамбарларимиз.

  • 26:17

    Бани Исроилни биз билан қўйиб юбор», деб айтинглар, деди.

  • 26:18

    У (Фиръавн): «Биз сени гўдаклигингдан ўз ичимизда тарбия қилмадикми?! Умрингнинг бир неча йилини бизнинг ичимизда ўтказмадингми?!

  • 26:19

    Ва нонкўрлардан бўлиб, қиладиган ишингни қилиб қўймадингми?!» деди. (Фиръавннинг миннатларидан асосий мақсади–Мусо алайҳиссалом олиб келган динни инкор қилиш эди. Қўлимизда катта бўла туриб, энди, бизга, динимизга ва мулкимизга қарши чиқасанми? Янги дин келтирдим, деб даъво қиласанми? Бизнинг қавмимиздан бир кишини ўлдириб қўймадингми?!)

  • 26:20

    (Мусо): «Ўша ишни қилган бўлсам, билмасдан қилганман.

  • 26:21

    Бас, сизлардан хавфсираб қочиб кетдим. Кейин Аллоҳ менга ҳикмат берди ва мени Пайғамбарлардан қилди. (Ўша қитбтий менинг бир Бани Исроиллик қабиладошим билан уришаётган экан. Қабиладошим мендан ёрдам сўради, мен уега ёрдам бераман деб қибтийни бир урсам ўлиб қолди. Сўнгра хатони тушундим.)

  • 26:22

    Ўша менга қилаётган миннатинг Бани Исроилни қул қилиб олганингдандир», деди.

  • 26:23

    Фиръавн: «Роббул Оламийн нима?» деди.

  • 26:24

    У (Мусо): «Агар англамоқчи бўлсангиз, У осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Роббидир», деди.

  • 26:25

    У атрофидаги кишиларга: «Эшитмаяпсизларми?!» деди.

  • 26:26

    У(Мусо): « У зот сизнинг Роббингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг Роббидир», деди.

  • 26:27

    У: «Албатта, сизга юборилган Пайғамбарингиз жиннидир», деди.

  • 26:28

    У(Мусо): «У, агар ақл юритсангиз, машриқу мағрибнинг ва улар ўртасидаги нарсаларнинг Роббидир», деди.

  • 26:29

    У: «Агар мендан бошқани илоҳ қилиб олсанг, албатта, мен сени зиндонбандлардан қилурман», деди.

  • 26:30

    У(Мусо): «Агар мен сенга очиқ-ойдин нарса келтирсам ҳам-а?!» деди.

  • 26:31

    У: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, келтир уни!» деди.

  • 26:32

    Бас, у (Мусо) асосини ташлади. Баногоҳ у аниқ аждарга айланди.

  • 26:33

    Ва қўлини чиқарди. Банагоҳ у назар қилгувчиларга оппоқ кўринди.

  • 26:34

    У(Фиръавн) атрофидаги аъёнларига: «Албатта, бу ўта билимдон сеҳргардир.

  • 26:35

    У ўз сеҳри билан сизларни ерингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?», деди. (Худонинг динига қарши чиққан, Аллоҳнинг йўлидаги даъватчиларни ўзига душман билган туғёнкорларнинг доимий гапларидан бири. Атрофидаги гумашталарига ва содда халққа даъватчини хавфли қилиб кўрсатади ва уларни қўрқитади.)

  • 26:36

    Улар: «Уни ва акасини қўйиб тургин-да, шаҳарларга тўпловчиларни юбор.

  • 26:37

    Сенга барча ўта билимдон сеҳргарларни олиб келсинлар», дедилар. (Бу таклиф Фиръавнга маъқул тушди. Зотан, у атрофидагилардан айнан шу жавобни кутган эди. Бошқа сура ва оятлардан биламизки, Мусо алайҳиссалом билан сеҳргарларнинг мусобақалашадиган жойи, вақти ва бошқа шартлари келишиб олинади. Фиъравн шаҳарларга одамларини юбориб, сеҳргарларни тўплатиб келади.)

  • 26:38

    Бас, сеҳргарлар маълум куни келишилган вақтда жамландилар.

  • 26:39

    Ва одамларга: «Сизлар тўпланиб бўлдингизми?

  • 26:40

    Ажаб эрмас, устин келсалар, сеҳргарларга эргашсак», дейилди. (Турли муносабатлар ила одамларни тўплаш, билан уларни чалғитиш ва ўзига маҳлиё этиш ҳам туғёнкор ҳокимларнинг одати. Сеҳргарлар билан Мусо алайҳиссалом тортишувини ғанимат билиб роса одам йиғдилар.)

  • 26:41

    Сеҳргарлар келган чоғларида Фиръавнга: «Агар биз ғолиб келгувчи бўлсак, бизга, албатта, ҳақ бериладими?» дедилар.

  • 26:42

    У: «Ҳа! У ҳолда сиз, албатта, энг яқинларимдан бўласиз», деди.

  • 26:43

    Мусо уларга: «Сиз ташлайдиган нарсангизни ташланг», деди.

  • 26:44

    Бас, улар арқонлари ва асоларини ташладилар ва «Фиръавннинг иззати билан қасамки, албатта, биз ғолиблармиз», дедилар.

  • 26:45

    Сўнгра Мусо асосини ташлаган эди, бирдан у уларнинг уйдирмаларини юта бошлади. (Сеҳргарлар арқонларини ташлаганида, илонга айланмаган, уларнинг найранги туфайлигина кишилар кўзига шундай кўринган эди, холос. Кейин Мусо алайҳиссалом асоларини ташладилар ва у аждарга айланиб, Фиръавн сеҳргарларининг асо ва арқонларини юта бошлади.)

  • 26:46

    Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида йиқилдилар.

  • 26:47

    Улар: «Роббул Оламийнга иймон келтирдик.

  • 26:48

    Мусо ва Ҳоруннинг Роббига», дедилар.

  • 26:49

    У: «Мен сизга изн бермасимдан олдин унга иймон келтирдингиз! Албатта, у сизга сеҳр ўргатган каттангиздир! Энди тезда биласиз, мен, албатта, қўл-оёғингизни қарама-қарши томонидан кесажакман ва барчангизни осажакман», деди.

  • 26:50

    Улар: «Зарари йўқ. Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.

  • 26:51

    Мўминларнинг аввалгиси бўлганимиз учун Роббимиз хатоларимизни кечиришидан умид қиламиз», дедилар.

  • 26:52

    Ва Мусога: «Бандаларим билан кечаси йўлга чиқ. Албатта, таъқиб этилурсиз», деб ваҳий юбордик.

  • 26:53

    Бас, Фиръавн шаҳарларга тўпловчилар юборди:

  • 26:54

    «Шубҳасиз, анавилар озгина тоифадирлар.

  • 26:55

    Албатта, улар бизни ғазаблантиргувчилардир.

  • 26:56

    Албатта, биз ҳаммамиз ҳушёрмиз», деб.

  • 26:57

    Бас, Биз уларни боғ-роғлар ва булоқлардан.

  • 26:58

    Хазиналар ва муҳтарам маскандан чиқардик. (Яъни, Фиръавн ва унинг қавмини боғ-роғларидан ва булоқларидан, хазиналаридан ва ҳашаматли масканларидан чиқардик.

  • 26:59

    Ана шундай. Ўша(нарса)ларни Бани Исроилга мерос қилиб бердик.

  • 26:60

    Бас, уларни қуёш чиқиш пайтида қувиб етдилар.

  • 26:61

    Икки жамоат бир-бирларини кўрган чоғида, Мусонинг одамлари: «Энди қўлга тушдик», дедилар.

  • 26:62

    У (Мусо): »Йўқ! Албатта, Роббим мен билан, У менга тўғри йўлни кўрсатур«, деди.

  • 26:63

    Бас, Биз Мусога: «Асонг билан денгизни ур», деб ваҳий қилдик. Бас, у (денгиз) бўлиниб, ҳар бўлаги улкан тоғдек бўлди.

  • 26:64

    Ва кейин бошқаларни ҳам яқинлаштирдик. (Яъни, Фиръавн ва унинг аскарларини ҳам денгизга яқинлаштирдик.)

  • 26:65

    Мусо ва унга эргашганларга, ҳаммаларига нажот бердик.

  • 26:66

    Сўнгра бошқаларни ғарқ қилдик. (Фиръавн ва унинг аскарлари денгиз бағрига тўлиқ тушиб бўлганларидан кейин, улкан тоғдек ҳайбат-ла тўхтаб турган денгиз яна ҳаракатга келиб, ҳаммаларини ҳалок қилди.)

  • 26:67

    Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.

  • 26:68

    Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.

  • 26:69

    Ва уларга Иброҳимнинг хабарини тиловат қилиб бер.

  • 26:70

    Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган эди.

  • 26:71

    Улар: «Санамларга ибодат қилмоқдамиз. Ва уларга ихлос ила ибодат қилишда бардавом бўлурмиз», дедилар. (Тош ёки бошқа нарсадан юзи инсон юзига ўхшатиб ишланган бутга «санам» дейилади.)

  • 26:72

    У: «Илтижо қилганингизда улар сизни эшитадиларми?

  • 26:73

    Ёхуд наф ёки зарар етказа оладиларми?» деди.

  • 26:74

    Улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрдик», дедилар.

  • 26:75

    У: «Нимага ибодат қилаётганингизни билдингизми?!

  • 26:76

    Сиз ва қадимги оталарингиз?!

  • 26:77

    Албатта, Роббул Оламийндан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир», деди.

  • 26:78

    У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қилади ҳам Унинг Ўзи.

  • 26:79

    Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи.

  • 26:80

    Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи.

  • 26:81

    Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзи.

  • 26:82

    Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам Унинг Ўзи.

  • 26:83

    Эй Роббим, менга ҳикмат ҳадя эт ва мени солиҳларга қўшгин.

  • 26:84

    Ва менга кейин келгувчилар ичида содиқ мақтовлар бўладиган қилгин. (Яъни, ўтиб кетганимдан кейин ҳам одамлар мени қиёматгача яхшилик билан эслаб юрадиган қилгин.)

  • 26:85

    Ва мени наъийм жаннати ворисларидан қилгин.

  • 26:86

    Ва отамни мағфират қил. Албатта, у адашганлардан бўлди.

  • 26:87

    Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин.

  • 26:88

    У кунда на мол манфаат берар ва на болалар.

  • 26:89

    Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар).

  • 26:90

    Ва жаннат тақводорларга яқинлаштирилди.

  • 26:91

    Жаҳийм иғвога учганларга зоҳир қилинди.

  • 26:92

    Ва уларга: »Аллоҳдан ўзга ибодат қилиб юрган нарсаларингиз қани?!

  • 26:93

    Улар сизга ёрдам бера олурларми ёки ўзларини қутқара олурларми?! « дейилди.

  • 26:94

    Бас, унга улар, иғвога учганлар.

  • 26:95

    Ва Иблиснинг аскарлари биргаликда юзтубан тахлаб ташландилар.

  • 26:96

    Улар унинг ичида бир-бирлари ила хусумат қилар эканлар, дедилар:

  • 26:97

    «Аллоҳга қасамки, албатта, биз очиқ-ойдин адашувда эканмиз.

  • 26:98

    Чунки сизларни Роббул Оламийнга тенглаштирардик.

  • 26:99

    Бизни фақат жиноятчилар йўлдан оздирдилар.

  • 26:100

    Мана энди биз учун шафоатчилар ҳам йўқ.

  • 26:101

    Бирон қадрдон дўст ҳам йўқ.

  • 26:102

    Қани энди ортга қайтсагу мўминлардан бўлсак».

  • 26:103

    Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.

  • 26:104

    Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.

  • 26:105

    Нуҳ қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.

  • 26:106

    Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ деди: «У зотдан қўрқмайсизми?!

  • 26:107

    Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.

  • 26:108

    Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.

  • 26:109

    Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийннинг зиммасидадир.

  • 26:110

    Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар».

  • 26:111

    Улар: «Сенга пасткашлар эргашиб турган ҳолда, биз сенга иймон келтирармидик?!» дедилар.

  • 26:112

    У деди: «Менинг улар нима қилаётганлари ҳақида илмим йўқ.

  • 26:113

    Агар сезсангиз, уларнинг ҳисоби фақат Аллоҳнинг зиммасидадир.

  • 26:114

    Ва мен мўминларни ҳайдаб юборгувчи эмасман.

  • 26:115

    Мен фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос».

  • 26:116

    Улар: «Эй Нуҳ, агар тўхтамасанг, албатта, тошбўрон қилинганлардан бўлурсан», дедилар.

  • 26:117

    У: «Эй Роббим, шубҳасиз, қавмим мени ёлғончи қилдилар.

  • 26:118

    Бас, Ўзинг мен билан уларнинг орамизни яхшилаб очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин», деди.

  • 26:119

    Бас, Биз унга ва у билан бирга бўлганларга тўлган кемада нажот бердик.

  • 26:120

    Сўнгра қолганларни ғарқ қилдик.

  • 26:121

    Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.

  • 26:122

    Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.

  • 26:123

    Од қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.

  • 26:124

    Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд деди: «Қўрқмайсизларми?!

  • 26:125

    Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.

  • 26:126

    Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.

  • 26:127

    Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир.

  • 26:128

    Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми?

  • 26:129

    Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» тутаверасизми?. (Оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрикалар маъносида ишлатилмоқда. Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бошқа фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди, «масонеълар»дан мурод ўшалар, оятда қурилишларга доир очиқ-ойдин маъно бор.)

  • 26:130

    Тутганингизда ўта жабрчи бўлиб тутдингиз.

  • 26:131

    Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат қилинг.

  • 26:132

    Сизга ўзингиз билган нарса ила мадад берган зотдан қўрқинг.

  • 26:133

    У сизларга чорва ҳайвонлари ва фарзандлар ила мадад берди.

  • 26:134

    Боғ-роғлар ва булоқлар ила.

  • 26:135

    Мен, албатта, сизга улуғ куннинг азоби келишидан қўрураман».

  • 26:136

    Улар: «Биз учун ваъз қилсанг ҳам ёки ваъз қилгувчилардан бўлмасанг ҳам, барибир.

  • 26:137

    Бу эскиларнинг одати, холос.

  • 26:138

    Биз азоблангувчи эмасмиз», дедилар. (Яъни, бизга қанча гапирсанг ҳам, барибир сен айтган йўлдан юрмаймиз. Бу қилмишимиз учун, сен айтаётганингдек, азобланмаймиз ҳам, дедилар.)

  • 26:139

    Улар у(Ҳуд)ни ёлғончи қилдилар. Бас, Биз уларни ҳалок қилдик. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.

  • 26:140

    Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.

  • 26:141

    Самуд қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.

  • 26:142

    Ўшанда уларга биродарлари Солиҳ деди: «Қўрқмайсизларми?!

  • 26:143

    Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.

  • 26:144

    Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.

  • 26:145

    Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул оламийн зиммасидадир.

  • 26:146

    Сиз бу жойдаги нарсаларда омон ҳолда тарк қилинасизми?!

  • 26:147

    Боғ-роғларда, булоқларда?!

  • 26:148

    Экинзорлару майин хурмозор ичларида-я?!

  • 26:149

    Ва тоғлардан манманлик-ла уйлар йўнаверасизми?!

  • 26:150

    Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.

  • 26:151

    Ва ер юзида исрофчилик қиладиганларнинг ишига итоат қилманглар.

  • 26:152

    Бузғунчилик қиладиган, ислоҳчилик этмайдиганларнинг».

  • 26:153

    Улар: «Сен, албатта, сеҳрланганлардандирсан.

  • 26:154

    Сен бизга ўхшаган башардан бошқа ҳеч нарса эмассан. Агар ростгўйлардан бўлсанг, оят-мўъжиза келтир», дедилар. (Самуд қавми уларга Аллоҳнинг гапини етказган Пайғамбарлари Солиҳга алайҳиссалом, алғов-далғов гапирмоқдасан, аниқ сеҳрлангансан, деб туҳмат қилдилар. Кофирлар наздида, Аллоҳнинг йўлига чақирувчилар доимо мажнун ёки сеҳрланган бўлиб кўринади.)

  • 26:155

    У: «Мана бу туя. Унга (бир кун) сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш.

  • 26:156

    Ва унга ёмонлик етказманглар, унда сизни улуғ куннинг азоби тутадир», деди. (Бошқа оятларда баён этилганидек, туянинг тошдан чиқарилишининг ўзи мўъжиза бўлган эди. Энди ўша мўъжиза туянинг Самуд қавми ичида туриш шарти қўйилди.

  • 26:157

    Бас, у(туя)ни сўйдилару надомат чекувчига айландилар.

  • 26:158

    Бас, уларни азоб тутди. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.

  • 26:159

    Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.

  • 26:160

    Лут қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.

  • 26:161

    Ўшанда уларга биродарлари Лут деди: «Қўрқмайсизларми?!

  • 26:162

    Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.

  • 26:163

    Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.

  • 26:164

    Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир.

  • 26:165

    Оламлар ичидан эркакларга борасизми?!

  • 26:166

    Ва Роббингиз сиз учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қиласизми?! Йўқ!!! Сиз ҳаддан ошган қавмсиз».

  • 26:167

    Улар: «Эй Лут, агар тўхтамасанг, албатта, ҳайдаб чиқарилганлардан бўлурсан!» дедилар.

  • 26:168

    У: «Албатта, мен бу ишингизни ўта ёмон кўргувчиларданман.

  • 26:169

    Эй Роббим, менга ва аҳлимга қилаётган нарсаларидан нажот бергин!» деди.

  • 26:170

    Бас, унга ва аҳлига, ҳаммаларига нажот бердик.

  • 26:171

    Магар (азобда) қолгувчилардан бўлган бир кампирга (бермадик).

  • 26:172

    Сўнгра қолганларини ер билан яксон қилдик.

  • 26:173

    Ва уларнинг устига бир ёмғир ёғдирдикки, бас, огоҳлантирилганларнинг ёмғири қандоқ ҳам ёмон бўлди. (Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабидаги баъзи фақиҳлар, Лут алайҳиссалом қавми кирдикорини қилган баччавозларни, тошбўрон қилиб ўлдириш керак, дейдилар.)

  • 26:174

    Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.

  • 26:175

    Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.

  • 26:176

    Қалин дарахтзор эгалари Пайғамбарларни ёлғончи қилдилар. (Бу оятда зикри келаётган «қалин дарахтзор» Мадян ўлкасидир. Аллоҳ таоло Шуайбни алайҳиссалом шу ерга Пайғамбар этиб юборди. Шуайб алайҳиссалом қиссасини, Ҳижр сурасида ўрганганмиз.)

  • 26:177

    Ўшанда уларга биродарлари Шуайб деди: «Қўрқмайсизларми?!

  • 26:178

    Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.

  • 26:179

    Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.

  • 26:180

    Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир.

  • 26:181

    Бас, ўлчовни тўлиқ ўлчанглар ва камайтиргувчилардан бўлманглар.

  • 26:182

    Ва тўғри тарози ила тортинглар.

  • 26:183

    Одамларнинг нарсаларини камайтириб берманг. Ер юзида турли бузғунчиликлар қилманглар.

  • 26:184

    Сизни ва аввалги наслларни яратган зотдан қўрқинг».

  • 26:185

    Улар: «Албатта, сен сеҳрланганлардансан.

  • 26:186

    Ва сен бизга ўхшаган башардан бошқа нарса эмассан. Биз сени, албатта, ёлғончилардан, деб биурамиз.

  • 26:187

    Агар ростгўйлардан бўлсанг устимиздан осмоннинг бир бўлагини ташлавор», дедилар.

  • 26:188

    У: «Роббим қилаётган ишингизни ўта яхши билгувчидир», деди.

  • 26:189

    Бас, улар у(Шуайб)ни ёлғончи қилдилар. Бас, уларни «соябон» куни азоби тутди. Албатта, у улуғ куннинг азоби эди. ( Аллоҳ таоло Айка халқини азобга дучор этишни ирода қилганида ҳавони ўта иситиб юборди. Шунда пастлаб келаётган булут пайдо бўлди. Булут уларга соябон бўлиб кўринди. Ҳаммалари ўзларини булут соясига урдилар. Жиноятчи қавмнинг ҳаммаси булут соясига кириб бўлгандан сўнг, бирдан чақмоқ чақиб, булутдан ўт-олов чиқиб уларни ҳалок этди.)

  • 26:190

    Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.

  • 26:191

    Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.

  • 26:192

    Албатта, у (Қуръон) Роббул Оламийннинг туширганидир.

  • 26:193

    Уни Руҳул амийн олиб тушди.

  • 26:194

    Сенинг қалбингга, огоҳлантиргувчилардан бўлишинг учун.

  • 26:195

    Очиқ-ойдин араб тилида. («Руҳул Амийн»дан мурод Жаброил фаришта алайҳиссалом; «огоҳлантиргувчилардан» дегани Пайғамбарлардан деган маънони билдиради. Яъни, Қуръонни Жаброил сенинг қалбингда Пайғамбарлардан бўлишинг учун равшан араб тилида олиб тушди.)

  • 26:196

    Албатта, у (Қуръон) аввалгиларининг китобларида ҳам бордир. ( Қуръоннинг зикри, аввалги умматларнинг илоҳий китобларида ҳам бордир.)

  • 26:197

    Уни Бани Исроил уламоларининг билишлари, улар учун оят-далил эмасми?!

  • 26:198

    Агар Биз уни баъзи ажамийларга нозил қилсак.

  • 26:199

    Бас, у уларга уни ўқиб берса ҳам, мўмин бўлмас эдилар.

  • 26:200

    Биз у(Қуръон)ни жиноятчилар қалбларига ана шундай йўлладик. (Улар уни эшитадилар, маъноларини тушунадилар, аммо иймон келтирмайдилар.)

  • 26:201

    Улар унга то аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмаслар.

  • 26:202

    Бас, уларга у(азоб) тўсатдан келур. Улар сезмай қолурлар.

  • 26:203

    Шунда улар: «Бизга муҳлат берилармикан?!» дерлар.

  • 26:204

    Бизнинг азобимизнинг тезроқ келишини истайдиларми-я?!

  • 26:205

    Айтгин-чи, агар Биз уларни йилларча ҳузурлантирсак-да.

  • 26:206

    сўнгра уларга ваъда қилинган нарса келса.

  • 26:207

    Ўша ҳузурланиб юрган нарсалари нимага асқотур?!

  • 26:208

    Биз бирон шаҳар-қишлоқни ҳалок қилган бўлсак, албатта, унинг огоҳлантиргувчилари бўлган.

  • 26:209

    Эслатма бўлиши учундир. Биз зулм қилгувчи бўлмасдик.

  • 26:210

    У(Қуръон)ни шайтонлар олиб тушганлари йўқ. (Мушриклар даъво қилаётганларидек, Қуръонни шайтонлар олиб тушганлари йўқ. Уларнинг бу гаплари бўҳтондан иборат.)

  • 26:211

    Бунга уларнинг имконлари йўқ ва унга қодир ҳам эмаслар.

  • 26:212

    Албатта, улар эшитишдан четлатилгандирлар.

  • 26:213

    Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилма. Йўқса, азобланганлардан бўлурсан. (Пайғамбарнинг (с. а. в.) Аллоҳга ширк келтиришлари мутлақо мумкин эмас. Аммо бу оятда ширкнинг нақадар улкан гуноҳ эканлигини англатиш учун фаразан шу маъно келтирилган. Пайғамбардек (с. а. в.) зот ширк келтириб, азобдан қутула билмаса, бошқаларнинг ҳоли нима бўлишини билиб олиш қийин эмас.)

  • 26:214

    Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир.

  • 26:215

    Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат.

  • 26:216

    Бас, агар улар сенга исён қилсалар: «Мен сиз қилаётган амаллардан безорман», дегин.

  • 26:217

    Ва азиз ва меҳрибон зотга таваккал қил;

  • 26:218

    Сени қоим бўлганингда кўрадиган.

  • 26:219

    Ва сажда қилгувчилар ичида ҳаракатланишингни (кўрадиган) зотга. (Яъни, ёлғизлигингни ҳам, намозда қоим бўлганингни, шунингдек, мўминлар ичида турли ишларга бош бўлиб юрганингни ҳам кўриб турадиган зотга–Аллоҳга таваккал қил.)

  • 26:220

    Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир.

  • 26:221

    Сизларга шайтонлар кимга тушишини айтиб берайми?

  • 26:222

    Улар ўта уйдирмачи ва ўта гуноҳкорларга тушурлар.

  • 26:223

    Улар (шайтонларга) қулоқ осарлар. Ва уларнинг кўплари ёлғончилардир.

  • 26:224

    Ва шоирларга гумроҳлар эргашур.

  • 26:225

    Уларнинг ҳар водийда дайдишини.

  • 26:226

    Ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишини кўрмадингми?

  • 26:227

    Магар иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар (ундай эмаслар). Зулм қилганлар эса, тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар. (Ҳамма шоир ҳам ҳар водийда дайдийдиган, беамал гапирадиган бўлавермас экан. Агар шоир иймонли, яхши амалли, Аллоҳни кўп эсга оладиган, ўзини хор қилмай, ҳаққини таниган, золимлар устидан ғолиб келадиган бўлса, Аллоҳнинг розилигини топган шоир бўлиши мумкин.)

Paylaş
Tweet'le