37 SAFFAT

  • 37:1

    Сафда тизилиб турувчилар ила қасам.

  • 37:2

    Зажр (қилинадиганларни) зажр қилгувчилар ила қасам.

  • 37:3

    Зикрни тиловат қилгувчилар ила қасам. (Уч тоифа фаришталар билан қасам ичиб бўлиб, энди, қасам ичилган нарса зикр қилинади.)

  • 37:4

    Албатта, илоҳингиз ягонадир.

  • 37:5

    У зот осмонлару ернинг ва иккиси орасидаги нарсаларнинг Роббидир. Ва машриқларнинг Роббидир.

  • 37:6

    Албатта, Биз бу дунё осмонини юлдузлар зийнати-ла зийнатладик.

  • 37:7

    Ва ҳар бир итоатсиз шайтондан сақлаш учун.

  • 37:8

    Улар юксак тўплиққа қулоқ сола олмаслар ва ҳар томондан (учқун-ла) отилурлар.

  • 37:9

    Ҳайдалурлар! Улар учун узлуксиз азоб бордир.

  • 37:10

    Магар бирорта сўзни ўғриликча тинглаган шахс бўлса, уни ёқгувчи олов таъқиб этар.

  • 37:11

    Бас, сен улардан сўра: уларни яратиш қийинроқмикан ёки Биз яратган зотларни?! Албатта, Биз уларни ёпишқоқ лойдан яратдик.

  • 37:12

    Балки сен ажабландинг, улар эса масхара қилурлар.

  • 37:13

    Қачонки эслатилсалар, эсламаслар.

  • 37:14

    Қачонки бирор оят-белгини кўрсалар, қаттиқроқ масхара қилурлар.

  • 37:15

    Улар: «Бу (Қуръон) очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас.

  • 37:16

    Ўлсак-да, тупроқ ва суяк бўлсак-да, албатта, Биз қайта тирилтирилурмизми?!

  • 37:17

    Аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!» дедилар.

  • 37:18

    Сен: «Ҳа! Хор бўлган ҳолларингизда!» дегин.

  • 37:19

    Бас, у фақатгина бир қичқириқдан иборат, холос. Бас, бирдан улар назар солиб турибдилар-да!

  • 37:20

    Ва улар: «Воҳ, шўримиз қурисин! Бу жазо куни-ку!» дерлар.

  • 37:21

    Бу сизлар ёлғонга чиқариб юрган ажрим кунидир.

  • 37:22

    Зулм қилганларни, уларнинг жуфтларини ва улар ибодат қилиб юрган нарсаларини тўпланг.

  • 37:23

    Аллоҳдан ўзга. Бас, уларни жаҳийм йўлига ҳидоят қилинг»(дейилур).

  • 37:24

    Ва уларни тўхтатинглар! Албатта, улар сўралгувчидирлар.

  • 37:25

    Сизларга нима бўлди? Ўзаро ёрдамлашмаяпсиз?!

  • 37:26

    Йўқ! Улар бугунги кунда таслим бўлгувчилардир.

  • 37:27

    Улар бир-бирларига савол берурлар.

  • 37:28

    Улар: «Албатта, сизлар бизга ўнг томондан келар эдингиз», дерлар.

  • 37:29

    Улар: «Йўқ! Сиз ўзингиз мўмин бўлмаган эдингиз.

  • 37:30

    Бизнинг устингиздан ҳукмронлигимиз бўлмаган эди. Йўқ! Сиз ўзингиз туғёнга кетган қавм эдингиз.

  • 37:31

    Бас, ҳаммамизга Роббимизнинг (азоб) сўзи ҳақ бўлди. Албатта, биз тотгувчилармиз.

  • 37:32

    Ҳа, биз сизларни иғво қилдик. Албатта, биз иғво қилгувчи эдик», дерлар.

  • 37:33

    Бас, улар у кунда азобда шерик бўлгувчилардир.

  • 37:34

    Албатта, Биз жиноятчиларга шундоқ қилурмиз.

  • 37:35

    Чунки, уларга қачонки «Ла илаҳа иллоллоҳу», дейилса, мутакаббирлик қилар эдилар.

  • 37:36

    «Ахир биз бир жинни шоирни деб ўз худоларимизни тарк қилгувчи бўлайликми?!» дер эдилар.

  • 37:37

    Йўқ! У ҳақни келтирди ва Пайғамбарларни тасдиқ қилди.

  • 37:38

    Албатта, сиз аламли азобни тотгувчидирсиз.

  • 37:39

    Қилиб ўтган нарсангиздан бошқа нарсанинг жазосини олмассиз.

  • 37:40

    Магар Аллоҳнинг ихлосли бандалари.

  • 37:41

    Ана ўшаларга, ўзларига маълум ризқ бордир.

  • 37:42

    Мева-чевалар бордир. Улар икром қилинган ҳолларида...

  • 37:43

    Наъийм жаннатларида...

  • 37:44

    Сўрилар устида бир-бирларига қараган ҳолларида бўлурлар.

  • 37:45

    Уларга оқар чашмадан қадаҳлар айлантириб турилур.

  • 37:46

    Оппоқ, ичгувчига лаззатбахшдир.

  • 37:47

    Унда ҳеч бир зарар йўқдир ва ундан сархуш ҳам бўлмаслар.

  • 37:48

    Олдиларида кўзларини (бегоналардан) тийгувчи шаҳло кўзлилар бордир.

  • 37:49

    Улар худди асраб қўйилган тухумга ўхшарлар.

  • 37:50

    Бас, улар бир-бирларидан сўрай бошлайдилар.

  • 37:51

    Ичларидан бир сўзловчи: «Аниқки, менинг бир дўстим бор эди. (Аҳли жаннатлардан бирлари сўз бошлаб, ҳеч шубҳа йўқки, у дунёда менинг бир танишим бор эди.)

  • 37:52

    У: «Сен ҳам тасдиқловчиларданмисан?!

  • 37:53

    Ўлиб, тупроқ ва суяклар бўлиб кетсак ҳам, албатта, жазоланадиганлардан бўлурмизми?!» дер эди.

  • 37:54

    Сизлар ҳам қараяпсизларми?» деди.

  • 37:55

    Бас, ўзи қараб, уни дўзахнинг ўртасида кўрди.

  • 37:56

    У: «Аллоҳга қасамки, мени ҳам ҳалок қилишингга оз қолган экан.

  • 37:57

    Агар Роббимнинг неъмати бўлмаганида, мен ҳам (дўзахга) ҳозир қилинганлардан бўлур эдим.

  • 37:58

    Биз ўлгувчи эмас эканмизми?!

  • 37:59

    Фақат биринчи ўлимимиздан бошқа?! Биз азоблангувчи эмас эканмизми?!» деди.

  • 37:60

    Албатта, бу айни улуғ ютуқдир.

  • 37:61

    Бас, амал қилгувчилар мана шунга ўхшаш нарса учун амал этсинлар.

  • 37:62

    Манзил ўлароқ ана ўша яхшими ёки заққум дарахтими?

  • 37:63

    Албатта, Биз у(дарахт)ни золимлар учун фитна қилдик. (Биз заққум дарахтини золимлар–кофир ва мушриклар учун фитна қилиб қўйдик. Мушриклар, жаҳаннамда заққум деган дарахт бўлар экан, деган гапни эшитганларида, доимо олов ёниб турадиган дўзахда қандай қилиб дарахт ўсади, оловда куйиб кетмайдими, деб масхара қилишди.)

  • 37:64

    Дарҳақиқат, у бир дарахт бўлиб, дўзах қаъридан чиқур.

  • 37:65

    Унинг (мева) тугар жойи, худди шайтонларнинг бошларига ўхшайдир.

  • 37:66

    Бас, албатта, улар ундан егувчилардир. Ундан қоринларни тўлдиргувчилардир.

  • 37:67

    Сўнгра, бунинг устига, улар учун ўта қайноқ сувдан аралаштирма ҳам бор.

  • 37:68

    Сўнгра, албатта, уларнинг қайтар жойи жаҳаннамга бўлур.

  • 37:69

    Чунки улар ўз оталарини адашган ҳолда топдилар.

  • 37:70

    Энди эса, улар ўшаларнинг изидан чопмоқдалар.

  • 37:71

    Батаҳқиқ, улардан олдин аввалгиларнинг кўплари адашганлар.

  • 37:72

    Батаҳқиқ, Биз ичларига огоҳлантиргувчилар юбордик.

  • 37:73

    Бас, огоҳлантирилганларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар сол.

  • 37:74

    Магар ихлосли бандаларимизгина ҳалокатга учрамадилар.

  • 37:75

    Батаҳқиқ, Бизга Нуҳ нидо қилди. Бас, нақадар яхши ижобат қилгувчимиз. (Нуҳга ўхшаб илтижо этган бандаларимизнинг дуоларини доимо ижобат қиламиз.)

  • 37:76

    Ва Биз унга ва унинг аҳлига улуғ ғамдан нажот бердик.

  • 37:77

    Ва унинг зурриётларини, ўзларини боқий қолгувчилар қилдик.

  • 37:78

    Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.

  • 37:79

    Барча оламларда Нуҳга салом бўлсин!

  • 37:80

    Албатта, Биз гўзал амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

  • 37:81

    Албатта, у мўмин бандаларимиздандир.

  • 37:82

    Сўнгра қолганларни ғарқ қилдик.

  • 37:83

    Албатта, Иброҳим ҳам унинг гуруҳидандир. (Нуҳдан кейин келган Иброҳим Пайғамбар, Аллоҳнинг йўлини тутишда у билан бир гуруҳдан эди.)

  • 37:84

    Ўшанда у ўз Роббига соғлом қалб ила келмишди.

  • 37:85

    Ўшанда отасига ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасиз?!

  • 37:86

    Аллоҳдан ўзга уйдирма илоҳларни хоҳлайсизларми?!

  • 37:87

    Оламларнинг Робби ҳақида нима гумонингиз бор?!» демишди.

  • 37:88

    У юлдузларга бир назар солди

  • 37:89

    Ва: «Албатта, мен беморман» деди. (Иброҳим алайҳиссалом юраги сиқилавериб, ноқулай ҳолатга тушиб қолганини айтди. Қавмига куявериб, қалби дардга тўлганини билдирди. )

  • 37:90

    Дарҳол, ундан юз ўгириб юриб кетдилар.

  • 37:91

    Бас, тезда уларнинг худоларига бурилди ва: «Қани, емайсизларми?!

  • 37:92

    Сизга нима бўлди?! Гапирмайсизларми?!» деди.

  • 37:93

    Сўнг уларга яқинлашиб, ўнг қўл билан ура бошлади.

  • 37:94

    Улар у томон шошиб, бир-бирларини туртиб кела бошлади. (Мушриклар Иброҳим алайҳиссалом томон шошиб-пишиб, тезроқ бориш учун бир-бирларини туртишиб-суришиб етиб келишди.)

  • 37:95

    У: «Ўзингиз йўниб ясаган нарсага ибодат қиласизларми?!

  • 37:96

    Ҳолбуки, сизни ҳам, қолган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» деди.

  • 37:97

    Улар: «Унинг учун (ўчоқ) бино қилинглар, бас, уни гулханга отинглар!» дедилар.

  • 37:98

    Бас, улар унга макр-ҳийлани ирода қилишди. Биз уларни тубан қилдик.

  • 37:99

    У: «Албатта, мен Роббимга боргувчиман. У мени ҳидоят қилур.

  • 37:100

    Роббим, менга солиҳлардан ато эт», деди.

  • 37:101

    Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик.

  • 37:102

    Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан?» деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди.

  • 37:103

    Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида.

  • 37:104

    Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим!

  • 37:105

    Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз», деб.

  • 37:106

    Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир.

  • 37:107

    Биз унинг ўрнига катта қурбонлик фидо қилдик. (Иброҳим қурбонлик учун боласини сўйишга тайёрлигини билдирди. Уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тиради. Аммо Аллоҳнинг мақсади Исмоилнинг қонини оқизиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳимга алайҳиссалом юқоридаги нидони қилди ва Исмоилнинг алайҳиссалом ўрнига сўйиш учун жаннатдан катта бир қўчқорни ато этди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйди.)

  • 37:108

    Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.

  • 37:109

    Иброҳимга салом бўлсин!

  • 37:110

    Биз гўзал амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз.

  • 37:111

    Чунки у мўмин бандаларимиздандир.

  • 37:112

    Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик.

  • 37:113

    Ва унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Икковларининг зурриётидан гўзал амал қилгувчи ҳам, ўзига очиқ-ойдин зулм қилгувчи ҳам бўлур. (Иброҳимга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Уларнинг наслидан Пайғамбарлар чиқадиган қилиб қўйдик. Ким ўша Пайғамбарларга эргашса, гўзал иш қилган бўлади. Ким эргашмаса, ўзига ўзи зулм қилган бўлади.)

  • 37:114

    Батаҳқиқ, Биз Мусо ва Ҳорунга неъмат бердик.

  • 37:115

    Икковларига ва қавмларига катта ғамдан нажот бердик.

  • 37:116

    Ва уларга нусрат бердик, бас, улар ғолиб бўлдилар.

  • 37:117

    Ва Биз икковларига равшану комил баёнли китобни бердик.

  • 37:118

    Ва икковларини сиротул мустақиймга ҳидоят қилдик.

  • 37:119

    Ва кейингилар ичида икковлари учун (олқишлар) қолдирдик.

  • 37:120

    Мусо ва Ҳорунга салом бўлсин!

  • 37:121

    Биз гўзал амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

  • 37:122

    Чунки икковлари мўмин бандаларимиздандирлар.

  • 37:123

    Албатта, Илёс ҳам Пайғамбарлардандир.

  • 37:124

    Ўшанда у қавмига: «Тақво қилмайсизми?!

  • 37:125

    Баълга ибодат қилиб, яратувчиларнинг энг яхшисини.

  • 37:126

    Ўз Роббингизни ва аввалги ота-боболарингизнинг Робби Аллоҳни тарк этасизми?!» деди.

  • 37:127

    Бас, уни ёлғончи қилдилар. Энди, албатта, улар (азобга) ҳозир қилингувчилардир.

  • 37:128

    Магар Аллоҳнинг мухлис бандаларигина (мустаснодир).

  • 37:129

    Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.

  • 37:130

    Илиёсийнга салом бўлсин.

  • 37:131

    Биз гўзал амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

  • 37:132

    Чунки у мўмин бандаларимиздандир. (Шунинг учун иймон тақозоси билан Бизнинг йўлимизда жиҳод қилди ва олий мақомларга эришди.)

  • 37:133

    Албатта, Лут ҳам Пайғамбарлардандир.

  • 37:134

    Ўшанда Биз унга ва унинг аҳлига, ҳаммаларига нажот бердик.

  • 37:135

    Магар бир кампиргина (азобда) қолгувчилардан бўлди.

  • 37:136

    Сўнгра қолганларини ҳалок этдик.

  • 37:137

    Албатта, сиз уларнинг устидан ўтиб турурсизлар. Эрталаб.

  • 37:138

    Ва кечда ҳам. Ақл юритмайсизларми?!

  • 37:139

    Албатта, Юнус ҳам Пайғамбарлардандир.

  • 37:140

    Ўшанда у тўлган кемага қочди.

  • 37:141

    Бас, қуръа ташлашди ва у мағлублардан бўлди. (Юнус алайҳиссаломга ҳам қуръа ташлашди ва мағлуб бўлди. Қуръа у кишига чиқди. Келишувга биноан, у киши сувга ташланди.)

  • 37:142

    Бас, уни маломатга лойиқ бўлган ҳолида наҳанг балиқ ютди.

  • 37:143

    Агар у кўп тасбиҳ айтгувчилардан бўлмаганида эди.

  • 37:144

    Унинг қорнида қайта тирилтирадиган кунгача қолиб кетар эди. (Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб Аллоҳга кўп тасбиҳ айтмаганида, ўша балиқнинг ичида қиёматгача қолиб кетар эди.)

  • 37:145

    Бас, Биз уни бемор ҳолида майдонга отдик.

  • 37:146

    Ва унинг устига қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.

  • 37:147

    Ва уни юз минг ёки ундан кўпроққа Пайғамбар қилиб юбордик.

  • 37:148

    Бас, иймон келтирдилар. Кейин Биз уларни маълум муддат баҳраманд қилдик.

  • 37:149

    Бас, у(мушрик)лардан сўра-чи, Роббингга қизлар-у, уларга ўғиллар эканми?!

  • 37:150

    Ёки Биз фаришталарни қиз қилиб яратганмизу улар гувоҳ бўлиб турганларми?

  • 37:151

    Огоҳ бўлингким! Улар ўз уйдирмаларида дерлар:

  • 37:152

    «Аллоҳ туғди». Албатта, улар ёлғончилардир.

  • 37:153

    У зот ўғилларини қўйиб қизларни танлаб олибдими?

  • 37:154

    Сизга нима бўлди?! Қандай ҳукм чиқармоқдасиз?

  • 37:155

    Ахир эсламайсизларми?!

  • 37:156

    Ёки сизда очиқ-ойдин ҳужжат борми?! (Ўша ҳужжатда, фаришталар Аллоҳнинг қизи, дейилганми?!)

  • 37:157

    Агар ростгўйлардан бўлсангиз, китобингизни келтиринг!

  • 37:158

    Ва улар У билан жинлар орасида насаб (даъвоси) қилдилар. Ҳолбуки, жинлар ўзларининг, албатта, (азобга) ҳозир қилингувчиликларини билганлар.

  • 37:159

    Аллоҳ улар васф қилган нарсадан покдир.

  • 37:160

    Фақат Аллоҳнинг ихлосли бандаларигина (мустаснодир).

  • 37:161

    Албатта, сиз ҳам, сиз ибодат қилаётган нарсалар ҳам.

  • 37:162

    У зотга қарши фитнага солгувчи бўла олмассиз.

  • 37:163

    Ўзи (аслида) жаҳаннамга киргувчи кимсадан бошқани.

  • 37:164

    Биздан ҳар биримизнинг маълум мақоми бордир.

  • 37:165

    Албатта, бизлар саф тортиб тургувчилармиз.

  • 37:166

    Ва, албатта, бизлар тасбиҳ айтгувчилармиз.

  • 37:167

    Ҳолбуки, улар дер эдилар:

  • 37:168

    «Агар бизнинг ҳузуримизда ҳам аввалгилардан бир эслатма бўлганида.

  • 37:169

    Албатта, Аллоҳнинг ихлосли бандаларидан бўлар эдик».

  • 37:170

    Бас, унга куфр келтирдилар. Энди яқинда билурлар.

  • 37:171

    Батаҳқиқ, Пайғамбар этиб юборилган бандаларимизга сўзимиз ўтгандир.

  • 37:172

    Албатта, улар, ҳа, уларгина нусрат топишлари.

  • 37:173

    Ва, албатта, Бизнинг лашкаримизгина ғолиб бўлиши ҳақида.

  • 37:174

    Бас, сен улардан бир вақтгача юз ўгир.

  • 37:175

    Ва уларнинг (томошасини) кўр! Бас, тезда ўзлари ҳам кўрурлар.

  • 37:176

    Ҳали улар Бизнинг азобимизни шошилтирмоқдамилар?!

  • 37:177

    Қачонки, у уларнинг ҳовлисига тушганида, огоҳлантирилганларнинг тонги жуда ёмон бўлур.

  • 37:178

    Бас, сен улардан бир вақтгача юз ўгир.

  • 37:179

    Ва уларнинг (томошасини) кўр! Бас, тезда ўзлари ҳам кўрурлар.

  • 37:180

    Сенинг Роббинг, иззат Робби улар қилган васфдан покдир.

  • 37:181

    Ва Пайғамбарларга салом бўлсин!

  • 37:182

    Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Paylaş
Tweet'le