78 NEBE

  • 78:1

    Нима ҳақида сўрашади?

  • 78:2

    Улкан, муҳим хабар ҳақида (сўрашади).

  • 78:3

    Шундай хабарки, у(мушрик)лар) унинг ҳақида ихтилоф қиларлар.

  • 78:4

    Йўқ! Улар тезда биларлар!

  • 78:5

    Яна йўқ! Улар тезда биларлар! (Мушриклар азобни тортганларида қайта тирилиш нима эканлигини, унинг бўлиши ҳеч шубҳасиз ҳақ эканини албатта биладилар.)

  • 78:6

    Ерни тўшаб қўймадикми?

  • 78:7

    Ва тоғларни қозиқ (қилиб қўймадикми?).

  • 78:8

    Ва сизларни жуфт қилиб яратдик.

  • 78:9

    Ва уйқуларингизни роҳат қилиб қўйдик.

  • 78:10

    Ва кечасини либос қилиб қўйдик.

  • 78:11

    Ва кундузни тириклик қилдик.

  • 78:12

    Тепаларнгизга етти мустаҳкам (осмон)ни бино қилдик.

  • 78:13

    Ва шуъла таратувчи чироқ ҳам қилдик.

  • 78:14

    Ва сиқилган(булут)лардан оқувчи сувлар туширдик.

  • 78:15

    У(сув) билан дон ва наботот чиқаришимиз учун.

  • 78:16

    Ва дарахтлари бир-бирига киришган бўстонлар.

  • 78:17

    Албатта, ажрим куни вақти белгиланган эди.

  • 78:18

    У кунда сурга пуфланур ва сизлар тўп-тўп бўлиб келурсизлар.

  • 78:19

    Осмон ёрилиб, эшик-эшиклар очилур.

  • 78:20

    Тоғлар ўрнидан кўчирилиб, саробга айланур.

  • 78:21

    Албатта, жаҳаннам пойлаб турувчи эди.

  • 78:22

    Туғёнга кетганларга қайтар жойдир.

  • 78:23

    Улар унда замонлар бўйи қолувчилардир.

  • 78:24

    Улар унда совуқни ҳам, шаробни ҳам татий олмаслар.

  • 78:25

    Магар қайноқ сув ва йирингни (татирлар).

  • 78:26

    Мувофиқ жазо ўлароқ.

  • 78:27

    Чунки улар ҳисоб-китоб бўлишига ишонмасдилар.

  • 78:28

    Ва Бизнинг оятлариимизни ёлғон дейишган эди, ёлғон!.

  • 78:29

    Биз барча нарсани китобга жамлаб қўйганмиз.

  • 78:30

    Бас, татиб кўринглар, сизларга азобдан бошқа ҳеч нарсани зиёда қилмасмиз.

  • 78:31

    Албатта, тақводорларга ютуқ бордир:

  • 78:32

    Боғ-роғлар, узумзорлар бордир.

  • 78:33

    Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир.

  • 78:34

    Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир.

  • 78:35

    У ерда бекорчи гапларни ҳам, ёлғон гапларни ҳам эшитмаслар.

  • 78:36

    Роббингдан мукофот, совға ҳисобидандир.

  • 78:37

    У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Роббиси, Роҳмандир, Унинг ҳузурида ҳеч ким хитоб қилишга қодир бўлмас.

  • 78:38

    Ўша кунда Руҳ ва фаришталар саф бўлиб турадир. Роҳман изн берганлар ва тўғри сўзлаганлардан ўзгалар гапира олмаслар.

  • 78:39

    У ҳақ кундир. Ким хоҳласа, ўз Роббисига қайтар йўл оладир.

  • 78:40

    Албатта, Биз сизларни яқин келажакдаги азобдан қўрқитдик. У кунда, ҳар киши (қўли) тақдим қилган нарсага назар соладир. Ва кофир «кошки тупроқ бўлиб кетсам», –дейдир.

Paylaş
Tweet'le