81 TEKVİR

  • 81:1

    Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса.

  • 81:2

    Ва, вақтики, юлдузлар сочилиб кетса.

  • 81:3

    Ва, вақтики, тоғлар сайр қилдирилса.

  • 81:4

    Ва, вақтики, ҳомиласига ўн ой тўлган туялар қаровсиз қолса.

  • 81:5

    Ва, вақтики, ваҳший ҳайвонлар бир жойга тўпланса.

  • 81:6

    Ва, вақтики, денгизлар аланга олиб ёнса.

  • 81:7

    Ва вақтики, нафслар жуфтлаштирилса. (Яъни, руҳ танага қайтарилиб, икковлари бирлашсалар.)

  • 81:8

    Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса.

  • 81:9

    У нима гуноҳ учун ўлдирилган?

  • 81:10

    Ва, вақтики, саҳифалар нашр қилинса.

  • 81:11

    Ва, вақтики, осмон қўпорилса.

  • 81:12

    Ва, вақтики, жаҳаннам қиздирилса.

  • 81:13

    Ва, вақтики, жаннат яқинлаштирилса.

  • 81:14

    Ҳар бир жон нима ҳозирланганини билади.

  • 81:15

    (Кундузи) махфий бўлувчи(юлдуз)лар билан қасам.

  • 81:16

    (Кечалари) юрувчи, беркинувчи(юлдуз)лар билан қасам.

  • 81:17

    Қоронғулиги билан кириб келган кеча билан қасам.

  • 81:18

    Нафас олиб, кириб келган тонг билан қасам.

  • 81:19

    Албатта у(Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир.

  • 81:20

    У қувватлидир. Арш эгаси ҳузурида мартабаси олийдир.

  • 81:21

    Итоат қилинган, омонатли.

  • 81:22

    Сизнинг соҳибингиз мажнун эмас.

  • 81:23

    Батаҳқиқ ул ани очиқ-ойдин уфқда кўрди. (Муҳаммад с. а. в. Жиброилни очиқ-ойдин уфқда ўз кўзлари билан асл яратилишида кўрдилар.)

  • 81:24

    Ва у ғайбга бахил эмас.

  • 81:25

    Ва у(Қуръон) тошбўрон қилинган шайтоннинг сўзи эмас.

  • 81:26

    Бас, қаёққа кетмоқдасиз?!

  • 81:27

    У (Қуръон) оламларга эслатмадан бошқа нарса эмас.

  • 81:28

    Сизлардан мустақим бўлишни хоҳловчилар учун.

  • 81:29

    Оламларнинг Роббиси Аллоҳ хоҳламаса, сизлар хоҳлай олмассизлар. (Ҳар бир нарса Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ. Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила бўлади.)

Paylaş
Tweet'le